Хитойлик амалдорнинг уйидан сал кам 14 тонна олтин топилди

ПОРАХЎРЛИК, иқтисодий жиноятлар учун Хитойда ўлим жазоси қўлланилади. Энг оғир жазо қўлланилишига қарамай, мамлакатда бу турдаги жиноятлар сони камаймаяпти: ҳар йили бир неча ўн минглаб давлат хизматчилари, компаниялар мутасаддиларига иқтисодий жиноят содир этганлари учун турли жазолар тайинланади.

Яқинда мамлакатда фош этилган жиноят бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди. Олий мартабали партия амалдорларидан бирининг уйида полиция ўтказган тинтув чоғида 13,5 тонна олтин топилди.

58 ёшли Чанг Ки Хайнан вилоятини бошқарган даврида бу бойликни тўплаган экан. У 9 миллион аҳолига эга бўлган вилоят маркази Хайко шаҳар Коммунистик партияси котиби вазифасида ҳам фаолият кўрсатган. Суриштирувларда маълум бўлишича, Чанг Ки йирик миқдордаги олтиндан ташқари, пора олиш йўли билан 268 миллиард юан (40 миллиард доллар) маблағ жамғаришга ҳам муваффақ бўлган. Очкўз амалдор булар билан ҳам кифояланмай, бир қанча ҳашаматли виллаларни совға сифатида қабул қилган.

Қайд этиш керак, Хитойда мамлакат раҳбарининг ташаббуси билан 2012 йилда коррупцияга қарши кураш бўйича кенг кўламли кампания бошланган.