Президент Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этади

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 14-15 октябр кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (Туркий кенгаш) еттинчи саммитида иштирок этади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этаётган Венгрия ҳамда Туркманистон делегациялари раҳбарлари Туркий кенгаш доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган масалаларни муҳокама қиладилар.
Саммитда Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида Ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти қабул қилинади.

Учрашув якунида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши еттинчи саммитининг декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.
Президентимиз Бокуга ташрифи доирасида саммитда иштирок этадиган делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.