Туркия дори-дармон экспортини оширмоқда

Туркия Республикаси жорий йилнинг январ-сентябр ойлари натижасига кўра дори-дармонлар экспортини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 фоизга ошириб, 845,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга муваффақ бўлган. Ушбу даврда дунёнинг 161 мамлакатига Туркияда тайёрланган дори-дармонлар етказиб берилган.

Экспорт улуши асосан Жанубий Корея ва Осиёнинг бир қатор давлатлари ҳиссасига тўғри келиши баробарида ривожланаётган давлатлар, шунингдек АҚШ ва Германияга дори-дармон экспорт қилиш ҳажми ошган.

Ҳисоботи даврида Туркиядан Жанубий Кореяга дори-дармон экспорти олти мартага кўпайиб қарийб 254,2 млн долларга етган бўлса, Гонконгга 16,7 млн, Сингапурга 16 млн долларлик маҳсулот етказиб берилган. Шунингдек, Германия, Италия, Ирландия ва АҚШ каби давлатларга ҳам салмоқли миқдорда дори-дармон экспорт қилинган.