Тошкентдан Истанбулнинг янги аэропортига авиақатнов йўлга қўйилмоқда

ПОЙТАХТИМИЗДАГИ «Miran International» меҳмонхонасида Тошкент-Истанбул-Тошкент йўналишида очилаётган янги чартер авиарейси тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди.

Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси, шунингдек, юртимиздаги сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирокидаги тадбирда янги йўналиш ҳақида маълумот берилди. Жумладан, “Asialuxe Travel” сайёҳлик компанияси “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошираяпти. Жумладан, 2019 йилнинг ёз мавсумида компания Тошкент-Томчи-Тошкент йўналишида 11 та чартер рейси муваффақиятли тарзда амалга оширилди.

Энди Истанбулнинг янги аэропорти йўналишида илк авиақатнов йўлга қўйилишига келишилди. “Asialuxe Travel” сайёҳлик компанияси директори Мирали Муҳаммадзиев маълумот берганидек, 30 октябрдан бошлаб Тошкент-Истанбул-Тошкент йўналишида чартер рейс йўлга қўйилади. А320, В757, В767 русумидаги ҳаво кемалари Истанбул шаҳрининг Осиё қисмида жойлашган Сабихи Гёкчен номидаги халқаро аэропортга қўна бошлайди. Мазкур рейс йўловчилари учун шаҳар марказигача ва аэропортга қайтиш учун трансфер тақдим этилади. Йўловчиларнинг сўровига кўра, белгиланган меъёрдан ортиб кетган юклар ташилиши учун имконият берилади. “Asialuxe Travel” сайёҳлик компанияси Туркиядаги машҳур отелларга қулай нархларда турстик пакетларни ташкиллаштириб беришни ҳам таклиф этади.

Ҳозирда ҳафтасига бир марта амалга ошириладиган авиақатновни 2020 йил 1 январдан ҳафтасига икки мартага ошириш кўзда тутилмоқда. Янги чартер рейсида йўловчиларга бир томон учун чипта нархи 260 АҚШ доллари, бориб-қайтиш учун олинган чипта нархлари эса 480 АҚШ доллари этиб белгиланган.
Абдувоҳид АЧИЛОВ