Ўзбекистонда экин навлари синови инновацион усулда такомиллаштиради

Фото: agro.uz

ЖОРИЙ йилнинг 9-12 октябр кунлари ташкил этилган «Золотая осень – 2019» – 21-Россия агросаноат кўргазмасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази вакилларидан иборат делегация ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кўргазма доирасида Россия Федерациясининг Селекция ютуқларини синаш ва ҳимоя қилиш бўйича давлат комиссияси Федерал давлат бюджет муассасаси – «Госсорткомиссия»нинг “Замонавий шароитда экинлар навларини давлат синовини такомиллаштириш” мавзуидаги Мувофиқлаштириш кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази раҳбари ўринбосари М.Мурталибов Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги экинлари, мевали ва манзарали кўчатларнинг навлари ва дурагайлари синовини жаҳон андозалари даражасига кўтариш, қишлоқ хўжалиги экинлари синови соҳасида кўрсатилаётган хизматларни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Россия Федератив Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Д. Хатуов, Ўсимликларни етиштириш, механизациялаш, кимёвийлаштириш ва ҳимоя қилиш департаменти директори Р. Некрасов иштирок этган йиғилишда қишлоқ хўжалиги экинлари навлари синовининг ресурстежамкор ва инновацион технологиялар асосида ўтказилишини босқичма-босқич жорий этишга қаратилган ҳамкорликка оид масалалар муҳокама этилди.

Тадбир давомида Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази ва Россия Федерациясининг Селекция ютуқларини синаш ва ҳимоя қилиш бўйича давлат комиссияси Федерал давлат бюджет муассасаси – «Госсорткомиссия» ўртасида ҳамкорликка оид шартнома имзоланди.