Катта Яқин Шарқнинг янги оловли ўчоғи

Фото: politico.com

ТУРКИЯнинг Сурия ҳудудида, аниқроғи унинг шимолий кенгликларида “хавфсизлик зонаси”ни яратиш мақсадида аксилтеррор операцияларни бошлагани дунёда кучли резонанс берди. Суриядаги курдларнинг “Сурия демократик кучлари”га қарши бошланган уруши Яқин Шарқда янги оловли нуқтанинг пайдо бўлишига олиб келди, дейиш мумкин. Шубҳасиз, ҳуқуқлари топталган, ўз яшаш жойидан бадарға қилинаётган, асрлар бўйи ўз давлатига эга бўлиш орзусида ёнган, дунё бўйлаб тарқалган 40 миллионли нуфусга эга курдлар жанговор ҳаракатларни Туркия ҳудудига кўчириши эҳтимоли юқори. Туркия жанубий қисмларида яшайдиган курдлар ўз миллатдошларини ҳимоя қилиш иддаоси остида мамлакатда қўпорувчилик амалиётларига қўл уруши мумкин.

Эрон, Ироқ ва Туркияда яшайдиган курдлар Суриядаги қуролдошларига ёрдам кўрсатишларини инкор этиб бўлмайди. Бунинг исботи ўлароқ, Туркиянинг Мардин вилоятидаги Нусайбин тумани суриялик курд отрядлари томонидан ўққа тутилиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, 35 киши яраланди. Аввалроқ Туркиянинг Шонлиурфа вилоятидаги Суруч шаҳри миномётдан ўққа тутилган, оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 2 киши яраланган. 10 октябрда Мардин ва Шонлиурфадаги аҳоли пунктларининг ракета ва миномётлардан ўққа тутилиши оқибатида 7 киши, жумладан 5 бола ва ўсмир ҳалок бўлди. 2011 йилдан бери фуқаролар уруши давом этаётган Сурия шимолидаги курдлар бирон марта бўлсин, Туркия ҳудудига ўқ узгани йўқ, бировнинг бурнини қонатгани йўқ эди. Аммо чегарада курдларнинг яшашини ўзига хавф деб билган расмий Анқара курдларни шунга мажбур қилди.

Туркия Сурияда нима истамоқда?
Яқинда ўтган БМТ Бош Ассамблеясида президент Эрдўғон Туркия Сурия билан чегарада ўз назоратига олишни истаётган узунлиги 480 километр ва Сурия томон 30 километр кириб борувчи «хавфсиз ҳудуд» харитасини намойиш қилган эди. Шунингдек, ҳозирда Туркияда яшаётган 3.6 миллион суриялик қочқинларнинг 2 миллионга яқини мазкур ҳудудга кўчирилиши ҳам айтилган эди. Бироқ Туркия ўзининг Сурия шимолидаги асосий мақсади «сурияликларнинг ўзи ва минтақа тинчлиги учун зарур хавфсиз ҳудуд» яратиш эканини иддао қилсада, у шимолий-шарқий Сурия билан чегара бўйлаб ўрнашиб олган курд жангчиларига ҳужум уюштириш билан мунтазам таҳдид қилиб келади. Туркия асосан Сурия Демократик Кучлари (SDF) билан бирга бошқа курд қуролли гуруҳларини ўз ҳудудида ўттиз йилдан буён тақиқ остида бўлиб келган ва Курд Автономияси учун курашган Курдистон Ишчилар Партиясининг кенгайтирилган кўриниши, дея ҳисоблайди. Бошқа сабаблар ҳам йўқ эмас, деб ҳисоблаш мумкин.

Гап шундаки, 1960 йилларда АҚШдаги айрим стратеглар томонидан Эрон, Ироқ, Туркия ва Суриядаги курдлардан иборат ягона Курдистон давлатини тузиш ғояси ишлаб чиқилган. 2003 йилдаги АҚШ бошлиқ халқаро коалициянинг Ироққа ҳужумидан кейин курдлар бирмунча мустақилликка эришди. 2011 йилги Сурияда бошланган “араб баҳори”дан кейин шимолдаги курдлар ҳам деярли мустақилликка эришди. Энди навбат Эрон ва Туркияга келди. Туркиянинг асосий хавотири ҳам Курдларнинг ўз мустақил давлатига эга бўлиш эҳтимоли. Шу нуқтаи назардан Туркия қўшинларининг Сурия ҳудудига киришини расмий Дамашқ агрессия ва суверен давлатга тажовуз деб баҳолаётганига қарамай, аввалига бирмунча босиқ позицияда турди. ИШИДга қарши урушда курдларнинг Россия билан эмас, америкаликлар билан иттифоқчиликка қўл уриши уларнинг анъанавий иттифоқчиси – Москвани Туркия операцияларига нисбатан бетараф позицияда қолишига сабаб бўлди.

Аммо Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари ва артиллериясининг кучли зарбалари оқибатида ва АҚШнинг деярли курдлардан юз ўгириши, қўшинларини олиб чиқишга киришгани курдларни яна русларга бўйин эгишига олиб келди. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Россия воситачилигида Сурия ҳукумати ва курдларнинг “Сурия Демократик кучлари” ўртасида русларнинг Хмеймим базасида музокара бўлиб ўтган ва унинг натижасида Сурия ҳукумат қўшинлари курдлар яшайдиган барча шимолий ҳудудларда ўз назоратини ўрнатадиган бўлди. Сурия армиясининг бўлинмалари Ракка яқинидаги Тобук шаҳрига кириб келган ва энди минтақанинг бошқа аҳоли пунктларига ҳам йўл олишган. Бу эса 2011 йилда ИШИДга қарши мамлакатнинг марказий қисмларида жанг олиб бориш учун Сурия-Туркия чегарасидан олиб кетилган Сурия ҳарбийларининг курдлар устидан қайта назорат ўрнатишига ва мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлашига олиб келиши мумкин. Аммо Туркия президенти ҳарбий операция охиригача давом этишини даъво қилиб келмоқда. Бу эса Туркиянинг нишони фақат курдлар эмас, балки Суриянинг шимоли-шарқий қисмлари устидан назорат ўрнатиш ва Сурия Озодлик армияси тимсолида бу ерларда ўзига мойил ҳокимият ўрнатиш экани аёнлашиб бормоқда.

Туркиянинг ҳозирги аҳволини “қопқонга тушиб қолиш” дея тасвирлаш ўринли бўларди. Чунки, бир томондан, Анқаранинг ҳаракатига НАТО даги барча иттифоқчилари – АҚШ, Германия ва Франция ҳамда Европа Иттифоқининг барча давлатлари қарши чиқмоқда. Ҳатто Франция ва Германия Туркияга қурол-яроғ етказиб беришга санкция қўйди. Араб давлатлари Лигаси, Саулия Арабистони, БАА, Миср каби давлатлар ҳам Туркиядан қуролли агрессияни тўхтатиш ва қўшинларини Суриядан олиб чиқишни талаб қилмоқда. Иккинчидан, Россия президенти Владимир Путин барча давлатлардан Сурияни тарк этишни талаб қилди.

Путиннинг айтишича, агар расмий Дамашқ Москвадан ҳам қўшинларини олиб чиқишни талаб қилса, РФ бу талабга ён беришини маълум қилди. Учинчидан, Сурия ҳукумат қўшинлари чегарани назорат остига олишга киришмоқда. Бу шубҳасиз, Сурия ва Туркия ўртасида уруш эҳтимолини юзага келтиради. Мабодо, уруш келиб чиқса, Россия Суриянинг ҳудудий яхлитлиги учун курашга қўшилади. “Остона жараёни”нинг яна бир иштирокчиси Эрон ҳам Асад режимини қўллаб-қувватлашини ҳисобга олсак, Анқара мушкул аҳволда қолади. Демак, Эрдағон “Сурия Демократик кучлари”ни тўла бартараф эта олмайди. Негаки, курдлар жуда катта жамоа, катта куч. Бунинг учун минтақадаги бутун курдларни қириб ташлашга тўғри келади. На АҚШ, на Россия, на Эрон Туркияга муайян доирадан чиқиб кетишига имкон бермайди. Яна бир муҳим масала борки, бу ҳам бўлса, Туркиянинг ҳарбий операцияси ва курдларнинг Сурия ҳукуматидан паноҳ сўраши Сурияда курдларнинг кенг мухторият тузиш ниятини чиппакка чиқаради.

Халқаро майдондаги реакция
БМТ Хавфсизлик кенгаши 10 октябрь куни ЕИнинг беш давлати – Буюк Британия, Польша, Франция, Германия ва Бельгия илтимосига кўра Сурия шимолидаги вазиятни муҳокама қилди. Бу давлатлар Туркияни ҳужумни тўхтатишга чақириб, ҳарбий ҳаракатлар фақат минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришидан огоҳлантирмоқда. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ҳам жиддий хавотирларини билдириб ўтди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз твиттерида зиддиятнинг барча томонлари билан алоқани сақлаб тургани ҳақида ёзган. У томонлар ўртасида воситачилик қилишга тайёрлигини билдирди. Трамп позициясини тушунса бўлади. У жуда мураккаб дилемма қаршисида қолган. Бир томондан, Вашингтон НАТОдаги иттифоқчиси Туркияни буткул ўз қаноти остидан чиқариб юбормоқчи эмас. Иккинчидан, океанорти мамлакати бутун Яқин Шарқ устидан ҳукмронлик қилишига имкон берадиган, катта тепаликда жойлашган Курдистон давлати тузиш мақсадидан қайтмаган. Курдлар яшаётган ҳудудда АҚШ қўшинлари кейинчалик назорат ўрната олса, бу минтақани осон назорат қилишига йўл очади.

Конгресснинг Вакиллар палатасидаги республикачилар президентга Туркия билан муносабатлардаги санкциялар ҳақидаги қонун лойиҳасини жўнатишган. Қонун лойиҳаси муаллифи Лиз Чейнининг маълум қилишича, агар Туркия иттифоқчи мақомини сақлаб қолишни истаса, ўзини муносиб тутиши керак бўлади. Унинг сўзларига кўра, конгрессдагилар Эрдўғаннинг режими ҳаракатларидан ва бу давлат АҚШнинг рақиблари, жумладан, Россия билан ҳамкорлик қилаётганидан ташвишда.

Эрдўғаннинг пўписаси
Европа кенгаши раиси Дональд Туск Анқаранинг ҳаракатларини танқид қилишдан тўхтамаётган Европа Иттифоқи ҳудудига миллионлаб қочқинларни жўнатиш билан таҳдид қилган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни шантаж қилишда айблади.
«Эй, Европа Иттифоқи, уйғон. Мен яна бир марта такрорлайман: агар сиз бу амалиётни оккупация деб атасангиз, унда эшикларни очамиз ва 3,6 миллион қочқинни сиз томонга жўнатамиз», деганди Эрдўған 10 октябрь куни. Тускнинг сўзларига кўра, Европа Туркия қочқинлардан фойдаланишига тоқат қилиб турмайди. «Туркия тушуниши керакки, биз бу давлатнинг ҳаракатлари янги гуманитар фалокат олиб келиши мумкинлигидан ташвишдамиз». Туск ташвишларини инкор қилиб бўлмайди. БМТ ҳисобига кўра, янги уруш ўчоғини 100 мингга яқин курдлар ташлаб чиққан. Кейинчалик бу рақамнинг 500 мингга етиши эҳтимолдан узоқ эмас.

Туркия етакчиси, шунингдек, Анқаранинг Суриядаги ҳаракатларини қоралаган Саудия Арабистони ва Мисрни ҳам аяб ўтирмади. “Саудия Арабистони кўзгуга бир қарасин. Яманни шу аҳволга ким олиб келди? Олдин шу нарса учун жавоб беришсин. Сизнинг бизга гапиришга умуман ҳаққингиз йўқ. Миср умуман жим ўтирсин, у ерда ўз давлатида демократияни ўлдирган одам ҳукмронлик қилади”.

Америкаликлар қандай фикрда?
Туркиянинг Сурияда ҳарбий операция ўтказиш нияти Доналд Трамп учун жиддий бош оғриқ бўлади. Демократлар уни хоинликда, “Анқара ихтиёрига” америка иттифоқчиси – курдларнинг “Сурия демократик кучлари” гуруҳини топшириб, “қўзичоқни бўрига ем қилиш” да айблашмоқда. Айниқса, Оқ Уй раҳбарининг америкалик аскарларнинг турк қўшинлари ўз операциясини ўтказаётган Сурия шимоли-шарқидан олиб чиқилиши ҳақидаги баёноти Трамп мухолифларининг танқидига сабаб бўлди.

Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси президентдан “бу хавфли қарорни бекор қилишга” чақирди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон похицияси АҚШнинг барча дўстларига америкаликлар бундан буён ишончли шерик эмаслигини намойиш этади холос. Трамп қарорига қаршилар орасида унинг партиядошлари ҳам бор. Сенатдаги республикачилар кўпчилиги лидери Митч Макконнелл Америка қўшинларининг “шошилинч чиқарилиши” “Россия, Эрон ва Асад режими” фойдасига хизмат қилади. Республикачи сенатор Линдси Грэм яна ҳам чуқурлашиб, Сурия курдларига қарши турклар операцияси амалга ошган тақдирда Анқарага қарши чеклов чораларини жорий этишга, шу жумладан, унинг НАТОдаги аъзолигини тўхтатиб қўйишга қаратилган баёнотлар берди. Дарҳақиқат, Конгрессда ҳозир тегишли икки партиявий қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

Ўз навбатида Трамп ўз ваъдасини бажарган сиёсатчи имижини сақлаб қолмоқчи. Амалдаги президент 2016 йилдаги сайловолди кампаниясида мамлакат аскарларини Суриядан олиб чиқиш лозимлиги хусусида гапирганди. Бундан ташқари, Трамп давлат бюджети манфаатларини ҳам ҳисобга олишга мажбур. АҚШда бюджет тақчиллиги 984 миллиард долларга тенг. Миллиардлаб пулларни Сурия урушига сочиб ташлагани Оқ Уй бюджетида катта пул йўқ. Шунинг учун Трамп администрацияси пулни қандай тежаш йўлларини ахтармоқда.

Аммо АҚШ президенти Доналд Трамп Twitter’даги ўз саҳифасида қолдирган хабарида агар Туркия унинг «буюк ва чексиз донолиги» бўйича «чегарадан чиқувчи» бирор амалга қўл урса, мамлакат иқтисодиётини «буткул вайрон этиш» билан таҳдид қилди. Тан олиш керак, Вашингтон ва Анқаранинг муносабатлари, тарихан, ҳам сиёсий-иқтисодий, ҳам ҳарбий жиҳатдан яқин бўлган. НАТО аъзоси бўлмиш Туркия АҚШ учун ўта муҳим иттифоқчи, аммо уларнинг ҳамкорлигида жиддий муаммолар мавжуд. Муносабатлардаги яширин дарзлар ўтган йилнинг августида – америкалик пастор Эндрю Брунсоннинг ҳибсда тутиб турилиши ортидан АҚШ Туркияга нисбатан санкциялар уруши бошлаганда бўй кўрсатган эди. Оқибатда Вашингтон-Анқара муносабатлари ўзининг навбатдаги энг қуйи даражасига тушиб кетди, шундоқ ҳам мўрт бўлган Туркия иқтисодиёти эса фалажлана бошлади. Ўшанда АҚШ Туркия пўлати ва алюминийига тарифларни икки баробарга оширди. Бу эса турк лирасининг 2018 йил бошидан бери ўтган вақт давомида 40 фоизга қадрсизланиб кетишига олиб келди. Ўз навбатида Туркия ҳам АҚШ маҳсулотларига нисбатан тариф миқдорини кўтарди: машиналарга 120 фоиз, спиртли ичимликларга 140 фоиз ва тамаки баргига 60 фоиз.

Туркиянинг асосий савдо ҳамкори ким?
Аслида, Туркия экспортининг атиги 5 фоизигина АҚШга йўл олади ва импортнинг бундан бироз кўпроқ миқдори АҚШ ҳисобига тўғри келади, холос. Ташқи савдода Хитой, Россия ва Германия Туркиянинг энг муҳим ҳамкорларидир. Бироқ АҚШ билан ўзаро савдо айланмаси ҳажми у қадар катта эмаслигига қарамай, у Туркия учун ҳаётий зарурият даражасида бўлган секторлар бўйича Анқаранинг асосий ҳамкоридир: ҳаво транспорти, темир ва пўлат, машинасозлик. АҚШ ўтган йилги санкцияларда айнан мана шу секторларни нишонга олган. Шунингдек, Туркия бутун тарих давомида халқаро савдо айланмаси бўйича камомадни бошдан кечириб келган, яъни мамлакат экспортдан кўра анча кўп импорт қилади. Аммо савдодаги мазкур жарлик 2018 йилда сезиларли қисқарган.

Иқтисодий заиф нуқталар
Юқори даражали ташқи қарздорлик Туркия иқтисодиётидаги жиддий муаммодир. 2018 йил сентябр ойидаги расмий маълумотларга кўра, унинг ташқи қарзи йиллик ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 50 фоизидан ошиб кетган. Бу ҳол мамлакатни халқаро инвесторлар марҳаматига кўз тикиб ўтирадиган ҳолга солиб қўяди ва валюта курслари ҳаракатланишини хавфли ҳолатга айлантиради. Туркиянинг ташқи қарзлари борасида сўз кетганда, унинг икки хусусиятини англаш муҳимдир. Биринчидан, қарзларнинг катта қисми қисқа муддатга олинган, яъни мамлакат яқин келажак ичида уларни тўлаши лозим. Бу ҳол Туркиянинг ташқи молиявий манбаларга қарамлигини жиддий равишда орттиради.

Иккинчидан, қарзларнинг асосий қисми АҚШ доллари ва евро каби хорижий валюталарда олинган. Демак, турк лираси хорижий валюталарга, масалан АҚШ долларига, нисбатан ўз қадрини йўқотган сари қарзлар қиймати янада ошиб бораверади. 2001 йилдан бери ўтган вақт оралиғида Туркия иқтисодиёти мунтазам ўсиб, анча мустаҳкамланганини қайд этиб ўтиш лозим. Бироқ АҚШ билан зиддиятнинг ҳар қандай даражада чуқурлашуви Туркия иқтисодиётининг барқарорлигига, шубҳасиз, раҳна солади. Бундай ҳолатда капитал оқими кескин чекланади ва Туркия валютасининг қадрига жиддий зарар етади.

Муҳим иттифоқчи
Бироқ Сурия, Ироқ ва Эрон каби давлатларга чегарадош бўлмиш Туркия билан сиёсий ва стратегик ҳамкорликнинг ўта муҳим эканидан келиб чиқиб, АҚШ амалда унга зиён келтиришни истамаслиги эҳтимоли юқори эканини англаш мумкин. Туркия АҚШ мудофаа анжом-аслаҳаларини қабул қилиб олишда Исроил ва БААдан кейинги ўринда турувчи йирик иттифоқчидир. Мамлакат ҳарбий ҳаво кучларининг катта қисми ҳам айнан АҚШ томонидан таъминланади. Шунингдек, АҚШ ва НАТО кучлари Туркия жанубидаги Инжирлик ҳаво базасидан фойдаланади. Шундай экан, Туркиянинг иқтисодиёти заиф нуқталарга бой бўлиши мумкин, лекин у стратегик жиҳатдан муҳим иттифоқчи сифатида қолаверади. Демак, Анқара Сурия шимолида ҳарбий операцияларини бемалол амалга оширавериши мумкин. Фақат урушнинг чўзилиб кетиши Туркия иқтисодиётини муқаррар ҳалокатга етаклайди. Шундоқ ҳам Эрдағон жаноблари мамлакатдаги ижтимоий кескинликни пасайтириш, меҳнат бозоридаги суриялик қочоқлар ва турклар ўртасидаги рақобатни камайтириш, қочоқларни ўз юртига қайтариш мақсадида бошлаган. Аммо Туркия президенти ҳозир тушиб қолган “қопқон” дан чиқиб кета оладими, ҳамма гап шунда.
Абдували САЙБНАЗАРОВ