Ўзбекистон ва Озарбайжон савдо айланмаси 63 фоизга ўсди

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқов Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити доирасида Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири Шахин Мустафаев билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги алоқаларнинг юқори даражада эканлиги, ўзаро расмий ташрифлар ва музокараларнинг муҳимлиги таъкидланди. Шахин Мустафаев Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари, шу жумладан, Озарбайжон билан алоқаларини ривожлантиришдаги ролига юксак баҳо берди.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Озарбайжонда транзит, савдо, саноат ва хизматлар соҳасида 30 га яқин ўзбек компаниялари фаолият юритади. 2018 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 46 фоиздан кўпроққа, шу йилнинг 8 ойида эса 63 фоизга ўсди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база яратилган, турли соҳаларни қамраб олган 110 дан зиёд ҳужжатлар имзоланган. Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия ҳамкорликни кенгайтиришда қулай платформа вазифасини ўтамоқда. Иқтисодиёт вазирлари саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, савдо, инветициялар ва бошқа соҳаларда қардош мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш имкониятларини қайд этишди.

Шахин Мустафаев иқтисодиётнинг нефтга боғлиқ бўлмаган тармоғи устувор йўналиш эканлигини айтар экан, Озарбайжонда ишбилармонлар учун яратилган қулай шароитлар, саноат парклари ва кичик туманларда резидентларга тақдим этиладиган имтиёзлар ҳақида гапириб берди, ўзбек тадбиркорларини қўшма фаолият олиб боришга таклиф этди.
Тан олиш керак, халқаро транспорт йўлаклари чорраҳасида Озарбайжоннинг манфаатли геостратегик позициялари ва улкан транзит салоҳияти бор. Мустафаев Ўзбекистон билан транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар борлигини эслатиб ўтди.

Ўзбекистон Ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқов мамлакатимизнинг Озарбайжон билан алоқаларини ривожлантиришга катта аҳаамият қаратаётганлигини, бунда ишбирлармонлар учрашуви, бизнес форумлар муҳим ўрин тутаётганини қўшимча қилди. Ҳудди шу мақсадда Бокуда ўзбек тадбиркорлари делегациясининг меҳмон бўлиб турганлигини таъкидлаш жоиз. Шу билан бирга Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларининг Шарқий Европа мамлакатлари билан боғлаб турувчи янги транспорт йўлаклари яратилишидан манфаатдор.
Шарқий Европа мамлакатларини Марказий Осиё орқали Туркия ва Озарбайжон билан боғловчи янги транспорт коридорларининг барпо этилиши транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим улуш бўлиб қўшилиши мумкин.