Сув савдосидаги найранглар

Фото: wksu.org

ПЛАСТИК идишлардаги қадоқланган ичимлик сувини барча дўконларнинг пештахталарида учратиш мумкин. Улар чанқоқни қондириш билан бирга соғлиқ учун ҳам фойдали, деб таърифланади. Ишлаб чиқарувчилар таъкидлаётганидек, “бир неча тозалаш босқичлардан ўтган қадоқланган сувлар” ростдан ҳам фойдалими?

Тарихга назар
Ҳаммаси қадимда ва оддийгина бошланган. 1760 йилда Бостондаги “Jackson’s Spa” компанияси даволаш мақсадида қўлланиладиган шиша идишга қадоқланган маъданли сувни сотувга чиқаради. Ушбу бизнес кўплаб мамлакатларда XX асрга, водопровод сувини хлорлаш технологияси пайдо бўлмагунига қадар муваффақиятли ривожланди. Бу технология жорий этилгач, амалда ҳар бир уйнинг жумрагидан тоза ва арзон ичимлик суви оқа бошлади. Шу билан H2O хариди тўхтади. Бироқ, маъданли манбалардан даволаш мақсадида қўлланиладиган сувларнинг савдоси тўхтагани йўқ.

1898 йилда франциялик шифокор Луи Пере маҳаллий маъданли сувни Европанинг барча энг яхши меҳмонхона ва ресторанларига етказиб беришни йўлга қўйди. Бу етарли даражада даромадли бизнес эди. 1946 йилда эса уддабурон ишбилармон Густав Левен “Perrier” бренди остида қадоқланган сувларни сотувга чиқаради. Бир неча йил ичида бу бренд француз бозорининг ярмини эгаллади. 1970 йилда “Perrier” сувлари сотув ҳажмига кўра Европада биринчи ўринга чиқиб олди ва Америка бозорини забт этишга киришди.

Бунинг сабаби нимада эди? Бу борадаги муваффақиятларнинг сири оддий фирибгарлик ва пухта ўйланган реклама сиёсати маҳсули эди. Густав Левен харидорларни “Perrier” муваффақиятга эришиш учун нуфузли сув эканига ишонтира олди. Бу эса яхши натижа берди ва биргина АҚШда 1975 – 1978 йиллар давомида француз маъданли сувининг йиллик сотуви 2,5 млн дан 75 млн дона шишага кўтарилди.
Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзида сув истеъмолининг аҳамияти ортиб бораётгани ҳам бу муваффақиятга таъсир кўрсатмай қолмади. Қадоқланган сувнинг водопровод суви устидан узил-кесил ғалабаси 1990-йилларда, ушбу бизнес билан “Pepsi-Cola”, “Coca-Cola” ва “Nestlе” каби соҳа гигантлари шуғуллана бошлаган даврга тўғри келди.

Оддий сувдан 2000 марта қиммат
Кўпчиликни сув бизнеси қанчалик даромадли, деган савол қизиқтириши табиий. Гарчи, бу саволга жавоб ишлаб чиқарувчилар томонидан очиқланмасада, экспертлар қадоқланган сув савдосининг ҳажми наркотиклар савдосидан кам эмаслигини таъкидлайдилар.
Бугунги кунда қадоқланган сув истеъмоли ҳаддан ортиқ оммалашиб кетган. Унинг нархи эса крандан оқиб турган сувдан 2000 марта қиммат эканини ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмайди. Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра ҳар йили дунё бўйича 460 млрд литр қадоқланган сув сотилади. Энг йирик истеъмолчи эса Хитой ва АҚШ (80 ва 45 млрд литр мос равишда) ҳисобланади.

Очиқ эътироф этиш керак, қадоқланган сувнинг крандан оқаётган сувга нисбатан соғлиқ учун фойдали жиҳатдан фарқи йўқ. Уларнинг мазаси ҳам реклама қилинаётган даражада эмас. Бундан ташқари, бизнесдаги фирибгарликлар сув бизнесини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бу борада АҚШ Табиий захираларни ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўтказилган тадқиқот фикримизнинг яққол исботидир. Тадқиқот давомида қадоқланган сув ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи 103 та фирманинг мингга яқин шиша суви текшириш учун олинган. Тўрт йил давом этган тадқиқотдан маълум бўлишича, ҳар тўртинчи шишадаги сув оддий крандан олинган сув экани маълум бўлган. Бундан ҳатто уларга энг оддий ишлов берилмаган экан.

Боз устига ишлаб чиқарувчиларнинг ярмига яқини улар савдога чиқараётган сув аслида оддий сув эканини, уларга фақат озгина ишлов берилганини эътироф этган. Ишлаб чиқарувчиларнинг 18 фоизи эса сув олинадиган манбаларни очиқламаган. Табиийки, водопровод суви табиий манба ҳисобланмайди.
Эътибор берган бўлсангиз, қадоқланган сувнинг крандан оқиб турган оддий сувдан фарқи йўқ дейилди. Мутахассисларнинг айтишича, аксарият ҳолларда шундай. Фақат гап бу ўринда ривожланган давлатлар ҳақида кетаётгани, уларнинг сув таъминоти тизими барча хавфсизлик талабларига жавоб беришини унутмаслик керак.

Пластик идишларда қадоқланган сувларни сотувга чиқариш мамлакатимизда 90-йилларнинг ярмидан бошланган. Бугун бу бизнес билан шуғулланаётган “Coca-Cola” ва “Nestlе” каби дунёга машҳур брендлар билан бир қаторда кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам пайдо бўлди. Улардан айримларига ишлаб чиқариш технологияси билан боғлиқ найранглар туфайли тегишли жазо чоралари ҳам кўрилди. Лекин, шуниси аниқки, сувга эҳтиёж, талаб бор экан, бу бизнес ҳеч қачон ўлмайди.