Палма ёғи саратонга сабаб бўлиши илмий исботланган

Фото: economictimes

КЕЙИНГИ пайтда палма ёғи билан боғлиқ баҳс-мунозаралар бирмунча авж олди. Бу маҳсулот импортига чеклов киритиш, озиқ-овқат тайёрлашда ундан фойдаланишни таъқиқлаш талаблари янграй бошлади. Энг муҳими, бугунга келиб, юртдошларимиз орасида бу ёғ инсон организми учун турган-битгани зарарлигини биладиганлар кўпчиликни ташкил этади.

Аслида кўплаб маҳсулотлар соғлиқ учун зарарли экани ҳақида кўп эшитганмиз. Лекин палма ёғининг олдида улар ип эшолмай қоларкан. Мисол учун, мазкур ёғ таркибида бутун дунёда токсик заҳар cифатида эътироф этилган, соғлиқ учун ўта хавфли бўлган глицидил эфирлари (GE) катта миқдорда мавжуд. Хавотирлиси, айрим ишлаб чиқарувчилар томонидан харидорларга таклиф этилаёган сарёғ таркибининг салмоқли қисми палма ёғидан иборатдир. Ноинсоф ишлаб чиқарувчилар, албатта, буни сир тутади, кам сарфлаб, кўпроқ фойда кўришни истайди. Бундай қилмиш инсон соғлиғига хавф туғдиришини эса ўйламайди.

Шу ўринда бир мисол: Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Европа агентлиги эксперти Марко Бинаглининг айтишича, каламушларни таркибида глицидил эфирлари бўлган маҳсулотлар билан овқатлантириш бўйича тажриба ўтказилган. Улар ўлгандан сўнг ёриб кўрилганда кўп миқдорда шишлар пайдо бўлгани аниқланган. Хулоса шуки, глицидил эфирлар генотоксик, яъни ДНК тузилишини ўзгартириб, саратон келтириб чиқаради.

Олимлар палма ёғи таркибидаги глицидил эфирлар хавфли канцероген бўйича Европа меъёридан 10 марта ортиқ эканини исботлаганлар. Мамлакатимизда эса озиқ-овқатлар таркибида GE миқдорига нисбатан ҳозирча аниқ талаблар ишлаб чиқилгани йўқ.
Ачинарли жиҳати шундаки, бизга озиқ-овқат маҳсулотлари учун деб импорт қилинаётган палма ёғининг аксар қисми анча арзон бўлган канцероген, яъни техник ёғдир. Бошқача айтганда, бу тургани-битгани заҳар ва уни биз истеъмол қилаяпмиз.
Қайд этиш керак, палма ёғи жаҳон бозоридаги энг арзон ёғлардан бири ҳисобланади. Унинг кўп ишлатилиши сабаби ушбу омил билан боғлиқ. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, палма меваларидан олинадиган ушбу ёғни кўплаб халқлар, мисол учун, мисрликлар ва индонезияликлар бир неча минг йиллардан бери истеъмол қилиб келади.

Айрим мутахассисларнинг таъкидлашларича, палма ёғи ҳам худди бошқалари каби ўсимлик ёғи ҳисобланади. Ундан эҳтиёткорлик билан фойдаланилса, худди зайтун, кунгабоқар ва бошқа ўсимлик ёғлари каби хавф туғдирмайди.
Палма ёғи – тозаланган дезодорацияланган оқартирилган (RDO) ёғ бўлиб, «қуруқ» палма ёғи, олеин, стеарин ва бошқа кўплаб кислота гуруҳларини ўз ичига олган маҳсулотлар гуруҳининг умумий номидир. Бу палма ёғларининг ҳар биридан мақсадига қараб фойдаланилади. Хусусан, RDO палма ёғлари озиқ-овқат саноатида ишлатилса, стеарин кислоталиси кимё саноатида қўлланилади.

Истеъмолчиларда табиий палма ёғи билан техник мақсадларда фойдаланиладиган «қуруқ» палма ёғини қандай ажратиш мумкин, деган ҳақли савол туғилиши мумкин.
Юқорида айтилганидек, айрим ноинсоф ишлаб чиқарувчилар мумкин бўлмасада, сарёғ таркибига ҳам палма ёғи қўшиб юборадилар. Қадоқдаги маҳсулот таркиби ҳақидаги маълумотда айнан палма ёғи қўшилгани кўрсатилмайди ва бу “сут ёғи муқобили” деган сўз билан ҳимояланади. Бу пишлоқ, музқаймоқ, творог, кефир, қуюлтирилган сут ва бошқа сут маҳсулотларига ҳам тегишлидир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Саратон институти дунё аҳолисининг саратонга чалиниш сабабининг 37 фоизи глицидил эфирлари билан боғлиқ эканини таъкидлаган.