Дунё давлатлари армияларига сарфлаётган икки ойлик харажат Ерда иқлим ўзгаришини тўхтатишга етади

Иллюстрация: uni-bioscience.com

БУГУН, 6 ноябр куни “BioScience” илмий журналида иқлим ўзгаришлари таҳлил этилган Декларация чоп этилди. Фавқулодда иқлим ўзгариши глобал ҳалокатга сабаб бўлиши муқаррар эканлиги ҳақида сўз юритилган ушбу ҳужжатга 153 та мамлакатнинг 11 258 нафар олими имзо чеккан.

Иқлимшунослар, биологлар, экологлар ва бошқа мутахассислар томонидан имзоланган Декларацияда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга хизмат қилувчи, ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар эътибор қаратиши лозим бўлган олтита тавсия берилган.
Булар ёнилғи мақсадида фойдаланиладиган табиий бойликлар қазиб олишни камайтириш, муоқобил энергия манбаларига ўтиш, атмосферага чиқаётган зарарли газлар миқдорини камайтириш, Ернинг экотизимини тиклаш ва ҳимоя қилиш шулар жумласидандир.

Аввалроқ, БМТ иқлим ўзгаришини тўхтатиш қанча харажат талаб этишини маълум қилган эди. Халқаро ташкилотнинг айтишича, бу маблағ дунёдаги барча мамлакатларнинг армиясига сарфланаётган атиги икки ойлик харажатни ташкил этади. Шунингдек, охирги 50 йил ичидаги энг йирик, оғирлиги қарийб 315 миллиард тоннага, майдони Шотландиянинг Скай оролига тенг бўлган музтоғ Антарктида музликларидан ажралиб чиққани ҳақида хабар берилган эди.