Хитой-Тайван муносабати кескинлашмоқда

ТАЙВАН Ташқи ишлар вазири Жозеф Ву мамлакати Хитой билан «ҳарбий зиддиятга тайёргарлик кўриши лозим»лиги ҳақида гапирди. Унинг айтишича, АҚШ билан савдо уруши туфайли ХХРнинг иқтисодий ўсиш суръати секинлашди, бу эса осмоности мамлакатида ишсизлар сони ва ижтимоий муамомларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.

ТИВ раҳбари Reuters агентлиги мухбирига берган интервюсида ХХР ҳукумати аҳолининг диққатини ички муаммолардан чалғитиш мақсадида Тайванга нисбатан ҳарбий ҳаракат бошлаши эҳтимолдан холи эмаслигини таъкидлаган. Унингча, шу боисдан ҳукумат ҳарбий низога тайёр туриши керак.

Хитой ҳукумати эса Худди Ҳонконгда қўлланилгани каби Тайван учун ҳам «Бир мамлакат, икки тизим» тамойилини илгари суришда давом этмоқда. Тайван ТИВ раҳбари мамлакат халқи бундай вазиятга тушишни асло истамаслигини таъкидлаган.

Қайд этиш керак, охирги пайтда Хитой-Тайван муносабатлари бирмунча ёмонлашди. Бунга бир жиҳатдан Тайваннинг АҚШдан қурол-аслаҳа сотиб олишни кўпайтиргани сабаб бўлган. Хусусан, сентябр ойида орол раҳбарияти Қўшма Штатлардан 8 млрд доллар эвазига 66 та F-16V қирувчиси сотиб олишга қарор қилди.

Октябр ойининг охирида ХХР Мудофа вазири Вэй Фэнхэ Тайван муаммоси Хитой учун миллий устувор вазифа эканини, керак бўлса уни “бошқача” усул билан ҳал этиши мумкинлиги, Тайваннинг Хитой таркибига қайтишига ҳеч қандай куч тўсқинлик қилолмаслиги ҳақида баёнот берган эди.