Пойтахтда кузда 55000 дан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилади

Фото: uza.uz

ПОЙТАХТ ҳокимлигида Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда “Яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтларнинг ноқонуний кесилишини олдини олиш мақсадида кўрилаётган чора тадбирлар”га бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда қайд эилишича, мамлакатимиз бош шаҳрининг 40 фоиздан ортиқ ҳудуди яшил ҳудуд билан қопланган. Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига 2019 йил 31 октябр ҳолатига кўра 31810 дона дарахтни кесиш бўйича 2118 та мурожаат келиб тушган. Аризаларнинг 527 тасида 5209 дона дарахт қуриганлиги сабабли, 399 тасида 4955 дона дарахтни тўлов эвазига, шунингдек, 3489 дона баҳор ойида экилган янги ниҳоллар қуриб қолганлиги сабаб кесилиши сўралган. Мурожаатлар ўрганилиб, дарахтларни кесиш бўйича 4955 та ижобий хулоса берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарорига кўра, ҳар бир кесилган дарахт учун 10 туп дархт этиш мажбурияти белгиланган. Шу боисдан, куз ойларининг ўзида 55000 дан ортиқ манзарали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Бу ишга кўнгилли равишда ёрдам бериш ҳамда ҳомилик асосида 100 минг туп дарахт кўчатларини олиб беришга тайёр ишбилармонлар бор. Туманларда эса уларни экиш учун алоҳида майдонлар ажратилган.

Тадбирда Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан телеграмда “EcoControl-bot” ишга тушилгани ҳам айтиб ўтилди.