Вино ўғирлиги Франция учун одатий ҳолга айланиб бормоқда

Фото: news.bigmir.net

ФРАНЦИЯда вино билан савдо қилувчи тадбиркор ўғирлик туфайли катта зарар кўрди. Номаълум шахслар бордолик винофурушнинг ертўласида сақланаётган ноёб ичимликларни ўғирлаб кетишди. Уларнинг нархи тахминан 500 минг евро экани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, ўғрилар тадбиркорнинг уйи остидаги ертўлага деразани синдириб кирган ва энг қимматбаҳо винолардан юз қутига яқинини олиб кетишган. Винофурушнинг айтишича, ертўлада нафақат «Шато Петрюс» ёки «Шато Марго» каби Бордо винолари, балки ноёб «Романе-конти» навли Бургунд винолари ҳам сақлаб келинган. Уларнинг ёши бир неча ўн йилларни ташкил этади.

Айни пайтда полиция воқеа юзасидан суриштирув ишларини бошлаб юборган.

Қайд этиш керак, вино ўғирлиги мазкур ичимликни ишлаб чиқариш бўйича етакчи мамлакатлардан бири бўлган Франция учун янгилик эмас. Хусусан, 2007 йилда Бордода яшовчи бошқа бир тадбиркорнинг ертўласидан умумий баҳоси 600 минг евролик 3 минг шиша винолар ўғирлаб кетилган бўлса, 2017 йилда ҳам шундай воқеа юз берган. Жорий йилда эса Париждаги нуфузли ресторанлардан биридан баҳоси умумий 600 минг евро бўлган 150 шиша вино ўғирланди.