Сулаймон Сойлу: Туркия – террорчилар учун меҳмонхона эмас

Фото: rusturkey.com

ТУРКИЯ 11 ноябр, душанба кунидан бошлаб ИШИД террорчилик гуруҳларининг илгари қўлга олинган жангариларини фуқаролиги бўйича ўз мамлакатларига жўнатишни бошлайди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу маълум қилди.

Анқара узоқ вақтдан буён Европадаги иттифоқчиларини ИШИД сафида жанг қилган фуқароларини қабул қилишдан бош тортаётгани учун танқид қилиб келаётганди. Энди эса Туркия амалий ишга ўтди: собиқ ишидчилар мамлакатининг фуқаролигидан маҳрум этилган бўлсада, ўзларининг давлатларига чиқариб юборилади.

«Биз уларга (Европа давлатлари ҳукуматлари — interpress) бу одамларни қайтариб берамиз дедик ва бу ишни душанба кунидан бошлаймиз. Биз ИШИДнинг биронта аъзоси учун меҳмонхона эмасмиз», — деган Туркия ИИВ раҳбари.

Қайд этиш керак, Туркия ҳукумати Суриянинг шимолий-шарқида ўтказган амалиёти чоғида қўлга олинган ИШИД жангариларининг Европа мамлакатлари фуқаролигига мансубларини ўз ҳудудидан чиқариб юборишни режалаштирган.

Туркия ИИВ раҳбари ўз баёнотида бир қатор Европа давлатлари, жумладан, Буюк Британия ва Нидерландияни ИШИД аъзолигига мансубликда гумон қилинган шахсларни фуқароликдан маҳрум этиш борасидаги қарорини танқид қилди. «Бу беъманилик ва масъулиятсиз қарордир», – деган Сулаймон Сойлу.